Куни кеча Берлин шаҳрида бўлиб ўтган IFA 2018 кўргазмасида бир-биридан қизиқ гаджетлар намойиш этилди. Жумладан, ZTE корпорациясининг шуъба корхонаси бўлмиш Nubia компанияси ҳам четда қолиб кетмади.
Nubia ушбу анжуманда жамоатчиликка кўрсатган девайсни телефон деса ҳам, «ақлли» соат деса ҳам бўлаверади. Бир сўз билан айтганда, у – келажак смартфони; зеро, кузатувчилар фикрича, яқин орада ҳозирги биз кўниккан шаклдаги смартфонлар ўтмишга айланади.
Хуллас, ҳозирча концепт ҳолида бўлган Nubia α (яъни – Nubia Alpha) гаджети билакка тақилади; у анчагина катта қайишқоқ экранга ҳамда барча электроника қисмлари жойлашувчи махсус блокка эга. Дисплейнинг ёнида камера ўрин олган, аммо шу ҳолида у видеоқўнғироқлар ва селфилар учун кўпроқ қулайдир.
Мана, Nubia Alpha’ни қуйидаги видеода кўрамиз:
Айни дамда қайишқоқ дисплейли буклама смартфонлар яратиш йўлида бир нечта компаниялар ҳаракат қилаётганидан хабарингиз бор. Ушбу хитойлик смартфонсознинг мазкур ишланмаси улардан бурун бозорга тақдим этилса ҳам ажабмас. Лекин бу девайснинг бозорга чиқарилиши борасида ZTE бирор фикр билдирмаган.