— Дадамни ёмонлаш ниятим йўқ, падарга тик гапириш ҳам гуноҳлигини биламан. Лекин нима қилай, онамни кўриб юрагим эзилиб кетяпти…
— Оилада уч қиз, бир ўғилмиз. Болалигимдаги хотиралар «ўғил туғмадинг, фақат қиз туғасан» деган жанжаллар билан боғлиқ. Ниҳоят онам укамни дунёга келтирдию, бироз қулоғи тинчиди. Лекин соғлиғидан айрилди. Чунки шифокорлар онамга «ҳомиладор бўлишингиз умуман мумкин эмас», деган экан. Лекин онам шўрлик оиласини асраб қолиш, биз — қизларни тирик етим қилмаслик учун ҳаётини хавфга қўйишга ҳам рози бўлган.
Укам дунёга келгунча онам икки марта жарроҳлик операциясини бошидан ўтказган, укам туғилгандан сўнг яна икки марта жарроҳ столига ётишга мажбур бўлди. Ҳозир буйрагида ўсмаси бор. Лекин, афсуски, дадам онамнинг касалмандлигини билиб туриб ҳам авайламайди. Аксинча, уйдаги барча оғир ишлар онамнинг зиммасида. Турмушга чиқмасимдан аввал кўп ишларни мен қилардим. Ҳозир онам менсиз анча қийналиб қолган. Буйрагидаги ўсмасини операция қилдиришга дадам рухсат бермаяпти. Дадамнинг қатор-қатор дўконлари, иссиқхоналари бор. Иссиқхоналарига одам ёллаб ишлатади. Лекин ишчилар кўп ишламасдан кетиб қолишади. Эшитишимизча, дадам ишчиларнинг хотинларига, қизларига тегажоғлик қиларкан. Бундан хабар топган ишчилар эса ишни ташлаб кетишаркан. Энг ёмони, дадам бу ишларни атайлаб қиларкан, яъни оилали одамларни ишга олади ва пул тўлаш вақти келганда қизига ёки хотинига тегажоғлик қилади. Бундан хабар топган эркаклар жанжал кўтаришади. Дадам эса ойнинг охиригача ишламадинг, белгиланган ишларни бажармай, ташлаб қочаяпсан, деб пулини бермас экан…
Қўни-қўшнилар орқаваротдан «пасткаш» деб лақаб қўйиб олишган, ҳамма устимиздан кулади. Ҳақини ололмаган одамлар неча марта уйимизга келиб жанжал кўтаришганига гувоҳ бўлганман. Дадам уларнинг ўзини айблаб, ҳайдаб солади. Одамлар эса қарғаб-қарғаб кетишади. Бир-икки марта талаба йигитларни ҳам ишга ёллаган ва худди шундай тубан режалар тузиб, ҳақини бермай ишдан ҳайдаган. Баъзида ўйлаб қоламан: шунча одамни норози қилган дадам бунинг гуноҳидан қўрқмас эканми?
Одамларнинг назарида бойвачча бўлган дадам уйда ўтакетган хасис. Онам шўрликнинг эгни тузукроқ кийим кўрмаган. Бизнинг сарпомизни ҳам қўл учида қилган, яхши ҳамки, келин бўлиб тушган жойим тушунган одамлар, юзимга солишмайди. Бу ерда қайнона-қайнотамнинг бир-бирига муносабатини кўриб, тўғриси, ҳайрон бўлганман. Чунки назаримда эр хотинига умуман яхши гапирмаслиги керак эди. Турмуш ўртоғим яхши гапирса ҳам, шубҳаланиб турардим, меҳрибончиликларидан эса йиғлаб юборардим. Ахир, бир-бирига яхши гапириб яшаса ҳам бўларкан-ку! Қайнотам қайнонамга умрида қўл кўтармаганини эшитиб онамга ачиниб роса йиғладим. Нега менинг онамга бу қадар аччиқ қисмат насиб этди экан?
Онамни ўйлайвериб, қийналиб кетдим. Қайнонам билан биргаликда мазали тансиқ таомлар тайёрласак, онамни эслаб томоғимдан ўтмайди. Байрамларда турмуш ўртоғим совғалар олиб келса, янги либосларни эгнимга илгим келмайди. Онам шўрлик кун кўрмай ўтиб кетяпти, деб ҳеч нарса татимайдган бўлиб қолган.
Яқинда синглим қўнғироқ қилди, дадам энди онамни иссиқхоналарда ишлашга мажбур этаётган эмиш. Барча оғир юмушлар онамнинг зиммасида экан. Буйрагидаги ўсмани олдириш кераклиги ҳақида гап очган экан, дадам «касал бўлишинг ҳам жонимга тегди, ўлгунингча шу ерда ишлаб тур, ўлсанг қутиламан» деганмиш. Онам бечора буйраги хуруж қилса, оғриқдан икки букчайиб қоларкан, оғриқ ўтиб кетса, яна туриб ишлармиш.
Бу гапларни эшитганимдан кейин дадамдан нафратланмай нима қилай? Нега онам бу қадар камситишларга чидайди, нега эътироз билдирмайди деб ўйлаб қоламан. Бу саволни онамага ҳам берганман. «Нима ҳам қила олардим, ажрашсам, учта бола билан қаерга бораман? Шу ёшда ажрашсам одамлар нима дейди, сени-ку узатдим, хали сингилларингни узатишим, укангни уйлантиришим керак», дейди…
Бир воқеани гапириб берсам, ишонмайсиз. Тўйимга бир ҳафта қолганда уйда катта жанжал бўлди. Арзимаган гапдан уриш чиқарган дадам жаҳл устида пиёлани онамга қараб улоқтирди, пиёла чаккасига теккан онам юзини тўсганча мукка тушди. Мен ёрдамга шошилганимда иккинчи пиёла учиб келди. Унга чап бераман деб онамнинг ёнига йиқилдим ва онамга улоқтирилган пиёла синиғи устига билагим билан тушдим. Дадам пиёла менга текканидан қўрқиб кетди ва сакраб турди. У қўлимдан судраб «тезроқ машинага ўтир, жароҳатингни тиктириб келамиз» деганда биринчи марта жаҳл билан силтаб ташладим:
— Аввал онамга ёрдам беринг, кўзларига кириб кетган бўлса нима қиламиз?! — деб бақирдим йиғлаганча.
Ўша оқшомдан билагимга бешта тикиш изи тушди, лекин юрагим жароҳатини ямаб бўлармиди? Онамнинг кўзи кўкариб чиқди. Бир ҳафта ичида қўлимнинг жароҳати бироз битдию, лекин онам бош фарзандининг тўйида кўзи кўкариб юрди.
Қўни-қўшниларимиз онамнинг гоҳ кўзи кўкариб, гоҳ қоши ёрилиб юришига ўрганиб қолишган, лекин қуда томонга изоҳ беришимизга тўғри келди. «Шошқалоқлигим қурсин, бошимни эшикка уриб олдим, мана энди эри урганга ўхшаб кўкариб юрибман» деди онам хижолат бўлиб... Эсласам ҳали ҳам йиғлагим келади.
Кеча онам билан гаплашдим, синглимдан бор гапни эшитганимни айтганимда, онам роса йиғлади.
— Дадангнинг феъли шунақа, нима ҳам қилардик. Сингилларингни узатгунча омон бўлиб турсам бўлди, — деди.
— Бу нима деганингиз, ўзингиз учун ҳам одамдек яшашингиз керак-ку! Эртагаёқ шифохонага ётинг, дадам бормаса ҳам майли, ўзим хабар олиб тураман, — дедим.
— Биласан-ку, айтганини қилмасам, баттар тўнини тескари кийиб олади… — деди онам шўрлик хўрсиниб.
Хайрлашгач, онамга қандай ёрдам бериш ҳақда бош қотирдим. Орқаваротдан эшитган гапларимга кўра, ҳозир дадам ўзига янги маъшуқа топганмиш (янги дейишимга сабаб дадам жазманларини тез-тез алмаштириб туради). Илгари бу гаплардан хабарим бўлмасди. Қиз бола деб биздан яширишган, лекин турмушга чиққанимдан кейин дадамнинг бу қирраларидан ҳам хабардор бўла бошладим. Холамнинг айтишича, дадам онамга «жонинг тошдан ҳам қаттиқ экан, тезроқ ўлсанг, ўрнингга бошқа хотин олиб келардим» деркан. Бундан ташқари онам дадамни бир неча марта иссиқхоналарида жазманлари билан тутиб олган экан. Биттасига шаҳардан уй ҳам олиб берибди…
Шу гапларни айтяпману, ўз отам ҳақида гапираётганимдан хижолат бўляпман. Лекин нима қилай, онамни оёқости қилишларига ортиқ қараб туролмайман. Сизларга бу воқеани гапириб беришдан олдин бир қарорга келдим: онамни ўзим даволатаман. Бир ҳуқуқшунос қўшним билан ҳам гаплашдим, дадамнинг уй жойларига онамнинг ҳам тўлиқ ҳаққи бор, агар даданг яна бир бор калтакласа, ажралишга ариза берсин, деди. Ажралиш деган гапдан чўчиб тушдим. Албатта, мен ота-онамнинг ажрашиб кетишини истамайман, дадамга ёмонлик ҳам тиламайман, нима бўлганда ҳам падарим. Лекин онамга ҳам бироз ҳақ-ҳуқуқини ўргатиб қўймоқчиман. Балки дадам инсофга келиб қолар. Ота-онамнинг ҳаёт тарзини эътиборингизга тўлалигича баён қилдим, бундай вазиятда қандай иш тутсам тўғри бўлади? Кўрмаганга олиб, индамай яшайверсам онамнинг соғлиғи хавф остида. Аралашсам, дадамга қарши чиққан бўламан. Икки ўт ўртасида қолдим. Шу каби ҳолатга тушганлар бўлса, мендан маслаҳатини аямайди деб умид қиламан…