Олтин куз фаслининг беминнат зийнати бўлмиш оқ олтин йиғим-терими шу кунларда янада авж олган. Пахтакорлар тиним билмай ҳосилни ўз вақтида йиғиш учун ҳаракат қилишмоқда. Уларга бироз "дам" бериш мақсадида санъаткорлар иштирокида оммавий пахта йиғим-терим тадбири ташкил этилди.
Бугун, 21 октябрь куни эрталаб соат 9:00 да Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистон хизмат кўрсатган санъаткорлар, хонандалар, актёрлар ва қизиқчилар тўпланиб, пахта даласига отланишди. Улар далада концерт тақдим этиш учун эмас, балки росманасига пахта териш учун боришди.
Санъаткорларнинг далада пахта териб юрган фотосуратлари, видеолавҳалари бир зумда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Айни вақтда пахта даласида Юлдуз Усмонова ва Мавлуда Асалхўжаева биргаликда пахта теришяпти. Бундан ташқари, Юлдуз Усмонованинг фан-клуби ҳам ўз санъаткорини қўллаб-қувватлаш мақсадида далага етиб келган.
Мухлисларнинг катта қизиқишларига сабаб бўлаётган Шаҳзода ҳам пахта даласида... У ҳам анчагина пахта теришга улгурган.