У нас есть только
оригинальные песни

“ИССИҚ-СОВУҚ”ҚА КЎНМАГАН КЕЛИН

calendar 23.09.2016
3233

Ҳар бир ота-она фарзандини уйлантирар ёки узатар экан,  ёшларнинг яхши яшаб кетишларини, қўша қаришини  орзу қилади. «Синалмаган отнинг сиртидан ўтма», деган мақол бежизга айтилмаган. Халқимизда  бирор оила билан қуда-андачилик ришталарини боғлашдан аввал, албатта, бўлғуси келин ё куёвнинг етти  пуштигача суриштириш одат тусини олган.

Одатда бирор хонадонга келин тушириб келингач эса, қайнона унга ўз оиласидаги қонун-қоидаларни ўргатишга тушади. Чунки ҳар бир хонадонда ўзига яраша тартиб-интизом бор. 

Лекин Гулнисонинг оилавий ҳаёти умуман бошқача бошланди. Отаси олис ўлкаларга  ишлагани кетганди.  Онаси, синглиси ва укалари  билан катта шаҳарда, ижара уйда туришарди. Оила бошлиғидан  анчагача ҳеч қандай хат-хабар бўлмагач, бир куни аммаси Гулнисонинг онасини ёнига чақирди: 

-Маҳалламизда бир йигит бор, уйидагилар қиз қидириб юриибди. Қиз боланинг тенги чиқса, текин бериш керак. Эрингиздан дарак кутиб ўтираверсангиз, қизингизнинг  ёши ўтиб қолади. Агар ёшлар бир-бирига маъқул келса, оддийгина бўлса-да тўйни ўтказаверсак!

Амма шундай дея келиннинг суратини ўзи билан олиб кетди. Икки ёш учрашишди. Бир кўришда эс-ҳушларини йўқотгудек бўлмаса-да, ҳар қалай ёшлар бир-бирига маъқул тушди. Қайнона бўлмиш: «Эндигина эримнинг йилини бердик. Шунинг учун катта тўй қилмаймиз” дейишди. Бу тўй сарф-харажатларини ўйлаб, тараддудланаётган келин  тарафга ҳам маъқул келди. Хуллас,  сарф-харажатсиз, сарпо-суруқсиз тўй бўлиб ўтди. 

Тўйдан кейин Гулнисо бир бегона оламга тушиб қолгандек бўлди. Келин бўлиб тушган хонадонининг тутуми, турмуш тарзи умуман бошқача экан.  Ўзига тўқ хонадон. Шаҳарда иккита уйи, туманда ҳовлилари бор эди. Лекин оила аъзолари орасида бир-бирига нисбатан меҳр сезилмасди. Ўзаро гаплашганларида ҳам, ана шу совуқчилик сезилиб турар,  «бу менинг пулим, у сенинг пулинг», қабилидаги майда-чуйда гаплар тез-тез қулоққа чалинарди. Ўз уйида бундай айирмачиликни кўрмаган Гулнисо анчагача бу “одат”ларга кўниколмай юрди. 

Тўйдан кейинги илк кунларда, келиннинг яқинлари уй-жойсиз эканлиги, бировларнинг уйида яшашини эшитган қайнонанинг ўтакаси ёрилди:

-Бу уй-жойлар ҳаммаси қизимнинг номида. Ўғлим ҳам бу ерда рўйхатда турмайди. Шунинг учун сизни  ҳам “прописка”дан ўтказолмаймиз. 

Ўз уйида катталарнинг гапини қонун ўрнида қабул қилиб ўрганган Гулнисо қайнонанинг бу талабини ҳам сўзсиз қабул қилди.  

Бироқ, бу бу билан қайнонанинг “хурмача” қилиқлари” тугамади. Янги келиннинг ҳар бир ишидан хато топадиган, қилдан қийиқ ахтарадиган бўлиб қолди. Овқат серёғроқ бўлиб қолса, албатта қайнонанинг овози кўтарилиб қоларди:

-Келинпошшо, отангиз чет элдан тоннааб ёғ жўнатиб қўймагандир?

Борди-ю, овқатнинг ёғи камроқ бўлса ҳам келин балогардон эди:

-Йўқчиликда оби ёвғонни ичиб ўрганиб қолгансизда, ўргилай. Нима бу овқатми ё ювиндими?

Қайнонасининг бирор гапига эътироз билдиргудек бўлса, “ҳали муштдек бошингиз билан гап қайтарадиган бўп қолдингизми?” деб оғзига урар, ҳар гапини бош эгиб, жимгина маъқулласа ҳам яна боши балога қоларди: “индамасдан иннов бало чиқади, деб сизни айтадилар-да! Одам дегани ҳам шунақа писмиқ бўларкан-да!”

Эрталаб чап ёни билан уйғониб қолса борми, сочларини тўзғитиб ўтирган жойида жанжални бошларди: 

-Шу уйни эгаси бўлиб, очимдан ўламан шекилли. Одамга ўхшаб эрталаб чойга чақириш ҳам йўқ.

-Вой ойижон, икки марта чақириб келдим-ку?

-Ҳали чақирганингизни миннат ҳам қиласизми? Тил учида “юринг чойга” деб кетишни қўшнининг келини ҳам эплайди. Таклиф ҳам сал кўнгилдан чиқиши керак-да!

Хуллас ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ эди. 

Гулнисо бу ҳақда эрига ҳам бир-икки оғиз очганди. Аммо, шу ёшга кириб онасининг измидан чиқмаган эри бир марта бўлсин, аёлининг илтижоларига қулоқ осмади. 

-Нима десанг де. У киши мени туққан онам. Раъйларига қарши боролмайман. Тўғри бироз инжиқликлари бор. Биз ҳам чидаб юрибмизку!

Қайнона бир-икки марта Гулнисонинг эрига шикоят қилганидан хабар топганми, ҳар қалай нақ қиёмат-қоимни бошлади:

-Ҳали, сен ўз ўғлимга мени ёмонотлиқ қиладиган бўлдингми? Сенга ўхшаб, кўчадан келиб, тўр меники дейдиганларни кўпини кўрганман. Билиб қўй, ўғлим мен нима десам, шуни қилади. Уни ўз йўриғимга соламан, деб овора бўлма. Бир оғиз айтсам, кўчага чиқариб ташлайди. Қани, кейин кимнинг уйига сиғинди бўлиб бораркинса?

Бу гаплардан Гулнисонинг юраги орқага тортиб кетди: «Чинданам уйдан қувиб чиқарса нима қиламан? Бу шармандалик-ку. Одамлар нима деб ўйлашади?» шу-шу эрига бу ҳақда оғиз очмасликка қарор қилди. 

Бир куни эрталаб қўлида бир шиша сув кўтариб олган қайнонаси Гулнисога тез кийинишни буюрди. Ҳеч нарсани сўрашга ботинолмаган Гулнисога унга эргашди. Иккаласи бирга кўчага чиқишди. Уловга ўтириб, шаҳарнинг бошқа чеккасига йўл олишди. Манзилга етиб келишгач: 

-Боргин, анави «дом»нинг ёнига бориб, Аҳад деган йигит қаерда яшашини сўрагин. У биздан катта пул қарз олганди, қайтармади. Яшаётган уйини топсак, эшиги ёнига мана бу сувни сепамиз. Кейин қарзимизни, албатта, қайтаради!

Гулнисо илгари “иссиқ-совуқ” ҳақида эшитган, бироқ, бу иш оғир гуноҳлардан бири эканини ҳам яхши биларди. Айни пайтда уу нима қиларини билмай қолганди. Назаида кимдир унинг қўлига пичоқ тутқазиб, “фалончини ўлдириб кел” дегандек оёғига титроқ кирганди:

-Намунча қоққан қозиқдек туриб қолдингиз, борсангиз-чи? – паст, аммо таҳдидли овозда пичирлади қайнона. 

Гулнисо уй олдига бориб, яқин атрофдаги  одамлардан қайнонаси айтган йигитни суриштирди. Бироқ ҳеч ким бундай йигитни танимасди. 

-Бўлмаса, ҳу-у, анави «дом»нинг олд томонига ўтиб, рақамини кўриб келинг!

Келин итоаткорлик билан бошқа «дом» сари йўл олди. Худди ўғрилардек орқа-олдига қараб кетаётганда кутилмаганда рўпарасидан баҳайбат ит акиллаганча унга қараб кела бошлади. Гулнисо итни кўрдию, турган ерида қотиб қолди. Қочай деса оёғи ерга михлангандек. Шу пайт ундан анча нарида турган қайнонасига қаради. Чамаси у келинига заҳарханда билан илжайганча қараб турарди. 

Шу чоқ қаердандир бир қария пайдо бўлди-ю, ердагн тош олиб, ҳалиги итга қараб ирғитди. Ит лўкиллаганча ортига қайтди.

 Хуллас, ўша куни излаган одамларини топишолмади. Шундай бўлса ҳам ќайнонаси қўлидаги идишнинг сувини йигит яшайдиган кўчага тўкиб чиқди:

-Ўзи сиз билан ишим унмаслигини сезмасдим. Майли, бўлар иш бўлди. Барибир мана шу кўчадан ўтади-ку. Сув тўкилган жойни босиб ўтса, дам-дуо   таъсирини ўтказади.   

Гулнисо кейинчалик, билдики, қайнонаси  бундай ишларга устаси фаранг экан. Кунда-кунора фолбин-у азайимхонларга қатнаркан. Уйида ҳам антиқа-антиқа одатларга кўзи тушадиган бўлди: Бир қараса, газ плитани ёқиб, устига отнинг тақасини қиздириб қўяди, бир қараса,  деразанинг шамол ўйнайдиган жойига арабий ҳарфлар битилган қоғоз парчаларини шамолда ҳилпиратиб осиб қўяди. Шакар, қуруқчой, туз ҳақида-ку  гапирмасак њам бўлади. Буларнинг барчасига «дам» солдириб келган. 

-Келин, чойни ќайтарманг, акс ҳолда ўз кучини йўқотади…

-Келин, ҳаммомда тоғорада турган  сувни дарахтнинг тагига тўкинг. У дам солинган сув.  

  Қайнонаси уйга келган-кетганлардан ҳам гумонсирашни канда қилмасди. Бегоналарни уйига киритишмас, қўшнилар билан олди-берди қилишмасди.

Гулнисо бир куни онасининг уйига бориб келганида, қайнонаси уни остонада тўхтатди: 

-Қани, тўғри мана бу уйга ўтинг.  Сумкангизни ўша ерга  бўшатинг. Бизни «иссиқ-совуқ» қилиб келган бўлманг тағин!

Гулнисонинг сумкасидан бирор “шубҳали” буюм чиқмагач, ночор уйга киритди...

Онасининг фолбину қушночга  югур-югурлари фарзандларининг ҳам миясини заҳарлаб бўлганди:

-Калитимни ишхонада унутиб қолдирибман, - деди бир куни эри дастурхон бошида. – эсим кирди-чиқди бўлиб қолди кейинги пайтлар. Кимдир мени “боғлаб” ташладими, деб қўрқяпман. 

  -Билмасам, ана хотинингдан сўра, қўлидан ҳамма иш келади, - дея Гулнисога имо қилди қайнона. 

Бора-бора оила аъзолари бирор узоқроқ жойга меҳмонга боришса, Гулнисони аммасининг уйига жўнатадиган бўлишди.

-Биз меҳмонга кетаяпмиз. Сиз бугунча аммангизникига бориб туринг!

-Нимага? Тушунмадим?

-Ҳар қалай, ҳозир ҳамадан ҳар нарсани кутса бўлади. Эҳтиёт шарт-да!

...Шу куни Гулнисо кўз-ёшларини оқизганча, лаш-лушини бир тугунга жойлаб, онасиникига йўл олди.

-Ойижон, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим, пичоқ суякка қадалди. Бир умр уйда ўтирсам ҳам майли, лекин ўша уйга мени қайтиб боргим йўқ. 

Қизининг дарду ҳасратини тинглаган она ҳар қанча оғир бўлмасин, кўнди:

-Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга сиғмайсанми? Майли, сени сиғдирмаган уйга жўнатиб, тошбаҳир одамларга ташлаб қўйдиган қизим йўқ. 

Ҳа, ҳаётнинг иссиқ-совуғига кўникиб келган қиз қайнонанинг “иссиқ-совуқ”ларига чидолмади. У онасининг ёнига қайтиб тўғри қилдимикин? Сиз нима дейсиз азиз муштарий? 

Г. Аюпова