У нас есть только
оригинальные песни

To'ydan oldin qizlar eshitishi mumkin bo'lmagan 5 gap

calendar 12.12.2016
7759

«Қиз бола эшитмасин, уят бўлади!» Баъзан катталар шундай дейишса, ноқулай аҳволга тушасиз, уяласиз, ҳатто хафа ҳам бўласиз: «Нега эрга тегдим деб ўзларини олишади?» дейсиз. Хафа бўлманг, қизларжон. Дарҳақиқат, айрим гапларга қулоқларингизни беркитганингиз маъқул, чунки улар сизга, бўлажак ҳаётингизга салбий таъсир кўрсатади.

Мутахассисимиз — «SUG‘DIYONA»  аёллар клуби мутахассиси, руҳшунос Гўзал РЎЗМАТОВА.

1. Биринчи никоҳ кечаси тафсилотлари. Албатта, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашда жинсий тарбиянинг аҳамияти беқиёс. Шу маънода илк никоҳ оқшоми ҳақида қизлар маълумотга эга бўлишлари керак. Лекин бу ўринда фойдали маълумотни зарарлисидан фарқлаш лозим. Қиз болани чўчитмайдиган, нозик муносабатлардан бездирмайдиган маълумотлар никоҳ оқшоми яқинлашганда янгалар томонидан келиннинг қулоғига шипшитилади, яъни турли қўрқинчли тафсилотлардан холи, кўпроқ келин учун керакли бўладиган гаплар айтилади. Аммо айримлар, хусусан, янги турмушга чиққан қизлар ўзларининг илк висол оқшомлари ҳақида ранг-бўёқларга тўла (кўпинча қўрқинчли) тафсилотларни ҳикоя қилиб, қиз боланинг онгини заҳарлашлари мумкин. Шунинг учун маълумотни янгалардан олинг-у, тафсилотларга қизиқманг. Зеро, ҳар кимнинг биринчи никоҳ кечаси фақат ўзиники, у бошқа бировникига ўхшамайди.

2. Келинларнинг қайнонаси ҳақидаги ёмон гаплари. Мен кимдир қайнонасини ёмонлашни бошласа, қизларнинг қулоқларини беркитиш тарафдориман. Бу юқумли дардга ўхшайди. Қиз бола ҳадеб қайнона ёмон деган гапни эшитавериб, бунга буткул ишониб қолади. Янги оилага шу нотўғри, бузғунчи ишонч билан қадам босади, ҳамманинг қайнонаси ёмон бўлганда бир уники яхши бўлиб чиқишига ишонмайди. Демак, аввал бошданоқ муносабатларнинг пойдеворига путур етган бўлади. Оналар, янгалар, қизларимизга ўзимизнинг дардимизни юқтирмайлик, токи улар бўлажак қайноналарини сизнинг қайнонангиз эмас, ўзларининг бувилари каби инсон деб ишонсинлар.

3. Келинлик машаққати ҳаддан ортиқ бўрттирилган ҳикоялар. «Келин бўлдингми, тамом, одам эмассан», «Эрта тонгдан ярим тунгача тиним билмайсан, қулдан фарқинг қолмайди» каби гапларга умуман қулоқ солманг. Ўша келинлар ўз бахтини англамаган ё унинг қадрига етмаган инсонлардир. Тўғри, бировнинг уйи, янги оила, янги муносабатлар... Албатта, ота-онангизнинг бағрида юргандек эрка бўлолмайсиз. Лекин сиз меҳнатдан қўрқманг, аксинча, қанча инсон сизга ҳавас қилиб турганини ўйланг. Ахир, янги ҳаёт бошлайсиз, ҳамма сиздан яхшилик кутади, турмуш ўртоғингиз сизни севиб-ардоқлайди, қайнонангиз бошқаларга кўз-кўз қилгиси келади. Остонаси тиллодан бўлган уйда бахтли ҳаёт бошлаётган инсонсиз. Бу ҳолат бир умрга давом этиши мумкин, ҳаммаси ўз қўлингизда.

4. «Эркакларнинг ҳаммаси бир гўр» мазмунидаги ҳасратлар. Бўлмаган гап. Кимдир эридан куйган бўлса, бу – унинг тақдири. Ўзиям осмондаги фаришта эмасдир. Эркакларнинг яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам, тўғрироғи, ҳар бирининг ўз салбий ва ижобий жиҳатлари етарли. Яхшисини ошириб, ёмонини яширсангиз (ахир, кимнинг яхши одам бўлгиси келмайди), у ҳам ўзгаради. Баъзан ота-она қилолмаган ишни севимли ёр тадбиру ширин сўз билан амалга ошириши, яъни эрни тўғри йўлга солиши мумкин. Бекорга айтишмаган-ку: «Эрни эр қиладиган...» деб. Хуллас, олдингизда биров эрини ёмонлай бошладими, қулоқларингизни беркитинг.

5. Бола туғиш ва катта қилишнинг нақадар азоблиги ҳақидаги афсоналар. “Қўрқувнинг кўзлари катта”, “Қўрққанга қўш кўринади” деган гапларни эшитгансиз. Тўғри, одамдан одам туғилиши осон эмас, аммо дунёда бу оғриққа чидай олмаган аёл йўқ. Негаки, туғруқ азобидан кейин дунёдаги энг бахтли инсон – онага айланансиз. Болангизнинг бағрингизга босган дақиқангиздан бошлаб барча тортган уқубатларингизни унутасиз, ҳеч қанча вақт ўтмай кичкинтойингизга укача ёки сингилча олиб келиш ҳақида режалар туза бошлайсиз.  Катта қилиш, тарбиялашда эса сиз ёлғиз бўлмайсиз: фарзандингизнинг отаси, бувилари, боболари бор. Хуллас, бахтингизга соя ташлайдиган бундай гапларга ҳам ишонманг.

Яндекс.Метрика