У нас есть только
оригинальные песни

Nasiba Abdullayeva 55 yoshda

calendar 15.11.2016
1637

Самарқанд ҳақида унинг бутун гўзаллиги, кечаси, бугуни ва истиқболини бу қадар ёрқин, салобатли қилиб куйлаган, Самарқандга бир бора бўлса-да бормаган одам қалбида ҳам бу шаҳарга нисбатан муҳаббат уйғота олган, унинг ҳақиқатан ҳам афсонавий шаҳар эканини сўзларда, оҳангларда тасвирлаб бера олган хонанда бошқа топилмаса керак.
 
Бу ҳол Насиба Абдуллаеванинг деярли барча қўшиқларида учрайди. Уни тинглаган киши зўриқмайди. Энг маҳзун қўшиғидан ҳам ҳаёт завқини туяди, ғами арийди, дардини ҳофиза билан бўлишади, енгил тортади. Насиба Абдуллаевадаги нафосат, нафислик, вазминлик қўшиқларига кўчгандек.
 
Унинг “Умр баҳори”ни номли қўшиғи ҳамон тилларда... Насиба Абдуллаеванинг ҳамма қўшиқларидан топиш мумкин бўлган бир нарса бор: у бир вақтнинг ўзида ҳам дардни, ҳам бахтни куйга солади. Бахтсизлик ҳақида куйлаётиб, қачонлардир унга аталган бахтни етишини айтади, юракни ғаш қилган армонлар ҳақида куйлаб туриб, ҳаёт тўсиқларини енгиб ўтиш инсоннинг ўз қўлида эканини, армонларга боғланиб, тушкунликка тушиб қолмасликни уқтиришга уринади. Агар баландпарвоз гап бўлмаса, у қўшиқлари билан яшашга ўргатади.

Бугун, 15 ноябрь куни Самарқанд юлдузи, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева 55 ёшни қаршилади.
Насиба Абдуллаева 1961 йил 15 ноябрда кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Мелик Ёрмуҳаммедов оиласида таваллуд топган.

Насиба Абдуллаеванинг болалик хотиралари узум билан боғлиқ. У болалиги ўтган ҳовлидаги узум таъмини ҳамон ахтаради. Интервьюлардан бирида ўша узум кўчатидан олиб келиб, Тошкентдаги ҳовлисига экканини, шу орқали болалик соғинчига таскин, юпанч топганини айтганди.
 
У ота дуосини олган санъаткор. Хонанда ўз хотираларида қачонлардир отаси Малик Ёрмуҳаммедов жажжи Насибани қўлидан тутиб мусиқа мактабига олиб боргани, одамларнинг гап-сўзларига, оила аъзоларининг қаршилигига қарамай қизининг санъаткор бўлишига йўл очиб берганини айтади.

Мактаб билан бир вақтнинг ўзида мусиқа мактабининг аккардион бўлимида таҳсил олган, Насиба мактабни битиргач, ўз омадини синаб кўриш учун ҳужжатларини Архитектура институтига топширади. Худди шу йилнинг ўзида уни мактабга таклиф этишади ва у мусиқа ўқитувчиси лавозимида ишлай бошлайди.

Орадан бир неча йил ўтиб, унинг овоз имкониятлари атрофдагиларнинг ҳам ҳавасини келтира бошлайди ва жозибадор овоз эгасини “Самарқанд” вокал-инструментал ансамблига солист этиб таклиф қилишади.

Мусиқа мактабида ўқиб юрган кезларидаёқ, катта саҳналарга чиқиб юрган Насиба, қўшиқ ва санъат ҳаётининг мазмунига айланишини сира ўйламаган эди.
Насиба Абдуллаева ижоди давомида жуда кўплаб ҳалқаро тадбир ва фестивалларда иштирок этган ҳамда гастроль сафарларда бўлган. Хонанданинг репертуарида ўзбек, рус, турк, озор ва форс тилларидаги қўшиқлар бор. Унинг кўплаб қўшиқлари хит даражасига етган. “Баригал”, “Самарқанд”, “Айланай”, “Бахт ўзи нимадир?”, “Соғинч”, “Умр баҳори”, “Эсланар” кабилар шулар жумласидандир.

Насиба Абдуллаева ижоди давомида кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. Ҳукуматимиз томонидан таъсис этилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ҳамда Ўзбекистон халқ артисти унвонлари, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

Насиба Абудллаева бир қанча фильмларда роль ижро этган, фильмлар учун қўшиқ куйлаган, овоз берган.
1989 йили у “Насиба”, 2003 йили “Мунис онам” фильмида рол ижро этган.

Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Насиба Абдуллаевани таваллуд айёми билан табриклаб қоламиз. Унга мустаҳкам соғлик ва оилавий ҳотиржамлик тилаб қоламиз.​
Умида Якубова