У нас есть только
оригинальные песни

“Кўргим келади" бадиий фильмининг намойиши бўлиб ўтди.

calendar 02.03.2014
2320

"Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан "Ўзбекфильм” киностудиясида тасвирга олинган "Кўргим келади" бадиий фильмининг намойиши бўлиб ўтди.

Таниқли ёзувчи ва кинодраматург Мурод Муҳаммад Дўст шоу-бизнеснинг парда ортидаги ҳаётига бағишланган сценарийда ҳам, фильмда ҳам қаҳрамонлар ўртасидаги муҳаббатни бу ҳақда бир оғиз гапирмай кўрсатиб беришга ҳаракат қилинганини ва ушбу юксак туйғуни исроф қилмаслик кераклигини қайд этди.

 

Ёш кинорежиссёр Жавоҳир Қосимов журналистлар илиқ кутиб олган ўз дебюти бщлган ушбу фильмнинг муваффақиятини унинг пишиқ ва пухта сценарийси таъминлаганини қайд этди ва машҳур француз кино ва театр актёри Жан Габеннинг қуйидаги фикрини келтирди: "Яхши фильм учун уч нарса керак: яхши сценарий, яхши сценарий ва яна яхши сценарий”.

 

Актриса Дилноза Кубаева фильмда хонанда Зиёда Алиева ролини ўйнаётганда баъзи саҳналар жуда тез тугаб қолгандай туюлгани, лекин фильмни экранда кўриб, сценарист ва режиссёрнинг талаблари тўғри бўлганини айтди.

 

"Кўргим келади” бадиий фильмининг қисқача мазмуни қуйидагича:

 

Бош қаҳрамон Зиёда Алиева иқтидорли санъаткор сифатида танилган. Унинг қўшиқлари халқ орасида машҳур. Сиртдан бахтли кўринган аёлнинг оиласида, шахсий ҳаётида муаммолар етарли. Енгил ҳаётни орзу қилиб, хорижга кетган эридан дарак йўқ. Бунинг устига, кутилмаганда ёлғиз фарзанди оғир хасталикка чалинади. Ана шундай мураккаб шароитда оқибатли инсонлар Зиёдага ёрдам қўлини чўзади.