У нас есть только
оригинальные песни

Кўп сув ичишнинг фойдаси

calendar 12.02.2015
4175


Биз сувсиз яшай олмаймиз. Сув тана ҳароратини мўътадиллаштириб туради, организмдаги зарарли моддаларни чиқариб ташлашга ёрдам беради, хуллас, бутун жисмимиз фаолияти сувга боғлиқ. 

Сувсизланиш – организмга сув етишмаётганининг асосий белгисидир. Агар оғиз қуриса, қон босими тушиб кетса, бош оғриғи ва бош айланиши кузатилса, тери қуруқшаб, инсонда чарчоқ аломатлари сезилса, демак, организмга сув етишмаяпти. 

Хўш, инсон қанча миқдорда сув ичиши даркор? Доктор Памила Брар шундай дейди: 

"Эркаклар кун давомида 3 литрга яқин (13 стакан) сув ичишлари керак. Аёллар — 2,2 литрга яқин (9 стакан)”.

Спорт билан шуғулланганингизда ёки оғир жисмоний меҳнат қилганингизда организмингизнинг сувга бўлган эҳтиёжи кескин ошади. Қаҳва, чой ва алкоголь ҳам танани сувсизлантиради. Бундан ташқари, иссиқ ҳавода тер ажралиб чиқиши ҳам сувга бўлган талабни кучайтиради. 


"Natural Choice” блоги ҳар куни бир вақтда сув ичишни маслаҳат беради:

"…ҳар куни эрталаб юз-қўлингизни ювганингиздан кейин ва кечқурун ётишдан олдин бир стакан сув ичишни одатга айлантиринг. Шу оддийгина усул ҳам сизга ҳеч бўлмаса икки стакан сувни ҳар куни ичишни канда қилмаслигингизга ёрдам беради”.

Ўлчов кўрсаткичи бўлган идиш олиб, ҳар куни ўшанда сув ичиш ҳам яхши усул. 

Кейинги босқичда эса куннинг қайси вақтида сув ичганингизни қайд этиб боришингиз мумкин. 

"Tri Sport Girl” блогида эса қуйидагича маслаҳат берилади:

"Кунда бажарадиган юмушингизни мусобақа тарзида бажарсангиз, янада қизиқарли бўлади. Кунда сув истеъмол қилишни ҳам мусобақага айлантиринг. Масалан, тушлик пайтида қанча миқдорда сув ичишингиз мумкин ёки икки литр сувни қанча вақт ичида ича оласиз”.

Муҳими, эрталаб кўпгина сув ичиб, кун бўйи сув ичиш ҳақида ўйламасдан юриш керак эмас, бу жараённи кун давомида амалга ошириш лозим.

Яна бир оддий, лекин самарали маслаҳат: телефонингиз будильнигини ишлатинг. Шунда сув ичиш вақтини ёдингиздан чиқариб қўймайсиз.


Ёки ҳар сафар қорнингиз очиққанда бир стакан сув ичишни одатга айлантиринг.

Сувнинг ўзини ичгингиз келмаса, унга мева ёки сабзавотлар бўлагини қўшишингиз мумкин. Масалан, бодринг ёки лимон бўлагини.

Мева-сабзавотлар сувга бой манба ҳисобланади. Мана, улардан айримлари: бодринг, салат, сельдерей, редиска, помидор, рангли карам, тарвуз, қорағат, қулупнай, грейпфрут, ўрик, гилос, узум.

Ўз вақтида керакли миқдордаги сувни истеъмол қилиш организмингиздаги заҳарли моддаларни чиқариб юборишга ва моддалар алмашинуви яхшиланишига ёрдам беради. Сув ортиқча тузни ва қанчалик ғалати туюлмасин, ортиқча сувни танангиздан чиқариб юборади: сув организмга етарли миқдорда етиб борса, туриб қолмайди, фаолроқ айланади, ўз вақтида ташқарига чиқади. Сувни етарлича ичинг ва доимо саломат бўлинг!


Яндекс.Метрика