"ХАЗОН" ФИЛЬМИНИ ОНАМГА БАҒИШЛАМОҚЧИ ЭДИМ, АММО . . .
15.02.2013 1940
"ХАЗОН" ФИЛЬМИНИ ОНАМГА БАҒИШЛАМОҚЧИ ЭДИМ, АММО . . .
Ҳозирги кунда катта экранларга чиқиши кутилаётган режиссёр Саид Мухторовнинг "Хазон" фильмида, бош қаҳрамон образини, янги чеҳра Шохрух Ёдгоров ижро этди. Фильм ҳаётий реал воқеаларга асосланганлиги туфайли, кўпчиликда фильм воқеалари "бу фильмда бош ролни ижро қилаётган ёш актёрнинг ҳаёти" деган фикрлар юзага келди.
- "Хазон” фильми реал воқеалар асосида суратга олинганлиги сабаб, кўпчиликда бу бош қаҳрамон йигитнинг ҳаёти, яъни сизнинг ҳаётингиз, деган саволлар туғилди. Ростдан ҳам, фильмдаги воқеалар сизни ҳаётингиз асосидами?
- Йўқ! Фильм ҳақиқатдан ҳам, бошида, суратга олиш ишларини бошлашдан олдин, фикрлашилганда, менинг ҳаётим асосида бўлиши керак эди. Лекин, айрим сабабларга кўра фильм сюжетлари ўзгариб кетди! Режиссёр Саид ака Мухторов фильм воқеаларини она мавзусига эмас, кўпроқ севгига йўналтириб юборди. Бошқача бир севгини олиб чиқаман, деган мақсад билан шундай қилди. Шу сабаб бўлса керак, фильм воқеалари, бу фильмда бош қаҳрамонни ижро қилган йигитнинг ҳаёти, деб ўйлашмоқда. Ҳаттоки, ўзимни Бухородаги танишларим ҳам, Тошкентда "Хазон” фильмини кутаётган инсонлар ҳам шу фикрдалар. Лекин, бундай эмас! Ўйлайманки, келажакда бу фильмлардан кейин, режиссёр Аюб Шахобиддинов билан биргаликда онамнинг хотирасига бағишлаб фильм суратга олмоқчиман.
- Демак, "Хазон” фильмида сизни ҳаётингиз умуман акс этмаган?
- Йўқ! Фақатгина фильм суд эпизодидан бошланяпти, аммо сюжет кейин бутунлай ўзгариб кетяпти. Сўнг, фильмдаги онанинг касал бўлиб вафот этиши ҳам бор. Актриса Юлдуз Ҳамидова бу ролни ижро этганлар. Аммо, "Хазон” фильмида онанинг вафот этиши ҳам ўзгарган. Фақат касал бўлиши, бор. Демак, фақат 2 та эпизод, менинг ҳаётимдан олинган экан, дейиш мумкин. Яъни суд ва онанинг касал бўлиши.
- Режиссёр Саид Мухторов билан танишувингиз қандай бўлди?
- "Ўзбекфильм” киностудиясига "Ёндиради куйдиради”, "Мен юлдузман” фильмлари продюсери Руслан Мирзаев орқали келдик. Ўшанда Саид ака мени кўриб, бошқа "Кўча” деб номланган фильмларига таклиф қилдилар. Русланга айтдиларки, "мана шу бола эртага мени офисимга келсин, "Кўча” фильмимда шу бола тушадиган бир образ бор” деб таклиф қилгандилар. Мана шу таклиф билан биз эртаси куни бордик. Сўнг, мен ўша фильмни ретро қисмида роль ўйнадим. У фильмда 1975-80 йилларда бўлиб ўтадиган воқеалар қисмида кўринаман. У ерда бош қаҳрамон Убайдулла Омон бўлиб, мен уларнинг ёшлигини ижро этганман. Ўша фильмдан сўнг, бизни таклифимиз билан, сценарий ёққани учун, "Хазон” фильмига қўл урдилар. Сўнг, съёмка жараёнида "Хазон” фильми сценарийси, онага эмас, севги линиясига қараб ўзгариб кетди.
- "Хазон” фильмидаги образингиз ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу образингиз томошабинга нима бера олади, деб ўйлайсиз?
- Мана бир неча кун олдин ўтириб фильмнинг лавҳаларини кўрдик. Мен, томошабинларга бу фильм қанчалик ёқади, олдиндан айта олмайман. Лекин, ўша биргаликда кўрган инсонларимиз, сизнинг образингиз жуда таъсирчан чиқибди, деб айтишди. Энди мени ўйлашимча, инсонни дунёдаги энг ишонган инсони, бу онаси бўлса керак. Бу фильмда ҳам менинг образим, онадан бошқа бир азиз зот йўқ, онангни борида қадрлагин, деган бир маъно беради. Лекин, шу билан бир қаторда, образим инсон бир марта чиндан севиб қолади, деган нарсаларни ҳам беради, деб ўйлайман. Бугун биттаси билан, эртага бошқаси билан эмас, бу нотўғри фикр. Фильмни кузатиб, инсон фақат бир инсон билангина бахтли бўлади олади, деган маънони ҳам тушуниш мумкин. Мени қаҳрамоним шундай бир вазиятда қолади.
- Агар ўзингиз ҳаётда, фильмдаги қаҳрамонингиз ҳолатига тушиб қолсангиз, қандай йўл тутган бўлардингиз?
- (ўйланиб) Ҳаётда мен бундай ҳолатга тушиб қолганман... Лекин, сал бошқачароқ бўлган... Фильмда мени қаҳрамоним бир қизни севиб қолади, онасидан айрилади. Уни атрофида бошқа суянган инсони қолмайди. Уни қизга бўлган севгиси, жуда бошқача бўлади. Лекин, онаси вафот этгунгача бўлган вақтда, унинг ҳаёти онаси туфайли ўзгариб кетади. Агар мен ҳам, ҳаётда шунақа вазиятга тушиб қолсам, менимча қаҳрамоним тутган йўлни тутардим. Менимча ,кўпчилик инсонлар фильмни кўриб, фильм қаҳрамонининг тутган йўлини тутишса керак. Бу образ, шок ҳолатига тушиб қолган инсон образи.
- Илк ролингиздаги қийинчиликлар...
- Илк ролим, ўша "Кўча”фильмидаги ролимда, ҳеч қандай қийинчилик сезмагандим. Энди, ўзим спортчи бўлганим учунми, ўзимга яқин бўлиб туюлганди. Лекин, мана бу "Хазон” фильмидаги ролим, жуда жуда оғир кечди, деб айтишим мумкин. Айниқса, айрим саҳналар. Масалан, қиз билан севги саҳналари, улар 2-3 дублда олинди. Балки, кўпчиликнинг ўртасида, уларни ваҳимаси босдими, негадир сал қийин кечди. Лекин, образим ўзимга ёқди!
- Режиссёр Саид ака Мухторов билан ижодий жараён қандай кечди?
- Саид аканинг ижодларини жуда ҳурмат қиламан. Уларни ҳар бир ғоялари, фикрлари инсонни қизиқтириб қўяди. Фильмни шундай бир кулминацион нуқталарини топиб қўядилар. Лекин, шу жиҳатга яраша салгина тартиб ва режа билан иш кўриш тарафлари бўлса, ҳар тарафлама тенгсиз ижодкор бўлардилар.
- Демак, сал тартиб етишмайди демоқчисиз?
- Ҳа, озгина режа деган нарсани мен кўрмадим. Ҳар бир инсон эртага нима қилади, шуни ўйлаб бугун режалаштириб қўяди. Балки, Саид ака ҳам, шундай йўл тутганларида, Саид аканинг фильмларичалик фильмлар бўлмасди. Лекин, Саид акани ёмонламоқчи эмасман. Ҳар бир инсонни ўзига яраша ютуқлари билан бирга, камчиликлари ҳам бўлади. Саид аканинг ютуқлари, уларни ғоялари, фикрлари бўлса, камчиликлари сал режасиз ишлашлари, яъни ҳоҳлаган пайтлари, ҳоҳлаган нарсани суратга олиб кетаверадилар.
- Санъатга қадам қўйишингизга нима сабаб бўлди? Ҳар бир инсонда бўлгани каби, машҳурликка интилиш ёки қизиқиш?
- Мени аслида санъатга бўлган иштиёқим жуда ҳам баланд. Бу шунчаки ҳаваскорлик эмас, инсонни ич-ичидан ёнадиган кучли ҳоҳиши, қизиқиши бўлади-ку! Бу соҳадан қанақадир пул топиш мақсадида ҳам эмасман. Балки ўзимнинг ичимдаги орзуларим, мақсадларим учун, мана шу санъатга бўлган иштиёқим жуда баланд ва юқори.
- Демак, келажакда санъат соҳасини ташлаб кетиш ниятингиз йўқ?
- Келажакда шу соҳада фаолият юритмоқчиман. Худо ҳоҳласа, яхши лойиҳалар қилмоқчиман. Яқинда, мана шу "Хазон” фильмидан сўнг, янги бир янги "Ўзгача бир ишқ” фильмини суратга олиш ниятидаман. Съёмка учун ҳамма нарсаларни тайёрламоқдамиз. Актёрлар ҳам тасдиқдан ўтган. Феврал охирларида уни ҳам съёмкаларини бошлаш ниятидамиз.
Феруза Фаттохова