ГУЛСАНАМ МАМАЗОИТОВА: ИНСОН АВВАЛО ИЧКИ ПАРДОЗНИ ЯХШИЛАШ КЕРАК
Бугунги саҳифамиз меҳмони Ўзбекистон халқл артисти, ҳонанда,
ажойиб уй бекаси, севимли ёр ва икки фарзанднинг онаси Гулсанам Мамазоитова. Аёлларимиз
учун ўз гўзаллигининг оддийгина сирларини ошкор қилади.
ЮЗ ПАРВАРИШИ
Мен юз парваришида косметик воситалардан иложи борича фойдаланмасликка
ҳаракат қиламан. Тўгрисини айтсам ёмон кўраман. Кундалик ҳаётимда эса кўпинча бўянмасдан
юраман. Мен асосан гўзалликни сақлаб қолувчи табиий воситалар деб биламан. Яъни
ўсимликлар, мева ва сабзавотлардан тайёрланган ниқоблар табиий бўлиши билан бирга,
нафақат юз балки бошқа организмлар учун жуда ҳам фойдали. Яна бир маҳсулотни айтиб
ўтишим мумкин-бу асал. Лекин асалл кўпчиликни юзига тўғри келмайди. У аллергияни
қўзғатиши мумкин. Ўзим эса асосан зайтун ёғидан фойдаланаман. Уни юзимга тез-тез
суриб тураман. Шунингдек юзни тозалашга, пардозларни кўчиришга мўлжалланган «молочко»га
ҳам бироз зайтун ёғини қўшиб, кейин юзимни артаман. Чунки у юзимни қуриб кетишини
олдини олади. Тухумни оқи ёки сариғига ҳам қўшиб сурса ҳам бўлади. Лекин эринсам
ўзини ҳам суриб олавераман. Ҳар ким ўз таъбига кўра фойдаланади. Зайтун ёғини томоқ
йўли учун ҳам фойдаси катта. Ундан ухлашдан олдин бир қошиқ истеъмол қилсак, овоз
пардаларини ҳам фаолиятини яхшилайди. Табиий воситалардан фойдаланаотганда бир кичик
қоидага амал қилиш керак. Ниқобни танлашдан олдин, унинг таркибидаги маҳсулотларга
аллергияси борми йўқми текшириш зарур. Масалан мени қулупнайга аллергиям бор шу
сабабли қулупнайли ниқоблардан фойдаланмайман. Помидор ҳам худди шундай. Шунинг
учун кўпроқ бодринг, картошкани қирғичдан ўтказиб юзга суришни тавсия қиламан.
СОЧ ПАРВАРИШИ
Соч парваришига эса доимо сифатли ва яхши фирмаларнинг ниқобларидан
фойдаланаман. Лекин аёлларимизга соч учун ҳам табиий ниқоблардан фойдаланишни маслаҳат
берган бўлар эдим. Биз қадимдан биламизки, момоларимиз, бувиларимиз сочни парваришлашда
доимо қатиқдан фойдаланишган. Шунинг учун қатиқли ниқоблар фойдали деб ўйлайман.
Масалан: Қатиққа тухумни аралаштириб сочга суриб, бироз муддатдан кейин чайилади.
Сўнг шампун билан ювиб ташланади. Бу ниқоб соч учун жуда ҳам фойдали ҳисобланади.
Бизнинг сочларимиз доимо укладка қилинган, ёки турмакланган ҳолда бўлади. Сочга
алоҳида эътибор бериб парваришлашга эса вақт жуда кам. Шу сабабли тез-тез қатиқ
билан ювиб тураман. Ёки тухум қўшиб, аралаштириб суриб қўйишим мумкин. Шунингдек
ўсмалар. Осма нафақат соч балки, қош, киприк учун ҳам жуда фойдали. Буни ўзимда
синаганман. Киприк улатганимда, яъни кўпчилик «наращивание» қилдирганимда кипригим
тўкилиб кетган. Шунда мен кўизмга ўсма сурганман. Тўғри кўзни ачиштиради. Лекин
у жуда ҳам фойдали эканлигини окулистлар ҳам тасдиқлашган. Ўсма кўздаги микробларни
ўлдириб, кўзни равшанлаштиради. Киприкни ўстиради. Қош учун ҳам, соч учун ҳам қўлланилади.
Шахсан мен уйимда ўсма ўстираман. Уни сувини сиқиб, сочимга сураман. Айниқса ёзда.
Қишда эса камдан кам фойдаланилади. Чунки бошни шамоллатиб қўйиш мумкин.
Шунингдек мен сочимни ҳам юзимни ҳам парваришлашда мезатерапия,
пластиc жарроҳликдан умуман фойдаланмаганман.
Бундан ташқари ҳозир урфга кирган татуаж ҳам менга бегона. Муҳлисларим ёки ён атрофимдаги
одамлар «лабингизни татуаж қилдирганмисиз?» ёки «сочингизга мезатерапия муолажасини
олганмисиз?» деб сўрашади. Юзим ҳам, лабим ҳам, сочим ҳам табиий. Чунки юқорида
айтганимдек кам бўянаман. Баъзида умуман бўянмайман. Чунки одамни жонига тегиб кетар
экан. Табиий ниқоблардан фойдаланаман. Татуаж ёки юзни торттиришни маълум бир ёшдан
кейин қилиш мумкин. Лекин ҳозирги ёшимизда бунга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Шунинг
учун бу муолажалардан фойдаланмасликни маслаҳат бераман.
ҚОМАТНИ САҚЛАШ
Қоматни сақлаш бўйича гапирадиган бўлсам, доимо меъёрни биламан.
Эрталаб аччиқ дамланган қаҳва истеъмол қиламан. Шунда иштаҳам озгина йўқолади. Сўнг.
1 та тухум бирор бўлак нон ейишим мумкин. Ёки сариёғ, балиқ икраси оз-оздан истеъмол
қилиб тураман. Ортиқча нонли маҳсулотларни истеъмол қилмайман. Тушликда ҳам меёрида
овқатланаман. Лекин кечки овқатда мевалар, сабзавот ёки салатлар ейишим мумкин.
Лекин нон еманглар демайман. Сабаби, нон ейилмаса соч тўкилиб кетади.
Юқоридаги тавсия ва маслаҳатларимга қўшимча қилиб шуни айтмоқчиманки,
ҳар бир аёлда қалб гўзаллиги бўлиши керак. Бу гапни шогиртларимга ҳам кўп айтаман.
Бу ҳамма нарсага фойда беради. Ишингиз юришишига ҳам, муҳлисларнинг олдида ҳам.
Санъаткор саҳнада қандай бўлса ҳаётда ҳам шундай бўлиши керак. Шу сабабли мен биринчи
ўринга қалб гўзаллигини қўяман. Мени онам «Инсон энг аввало ички пардозни яхшилаш
керак, ана ундан кейин ташқи пардозга эътибор бериш керак» деб айтади. Ички пардоз
деганда яхши овқатланиш, яхши нарсалар ҳақида ўйлаш, сиқилмаслик, ҳар бир нарсага
асабийлашмаслик тушунилади. Агар кайфиятингиз яхши бўлса, ўзингизга қарагингиз келади.
Шунинг учун ҳам қалб гўзаллиги, ички пардозни аҳамияти катта деб биламан.
МУТАХАССИС ФИКРИ
Косметолог Ўғилой ТУРҒУНОВА
Биз биламизки, зайтун ёғИ жуда ҳам фойдали. У нафақат юз парвариши,
соч парвариши, балки соғлиғимиз учун ҳам катта аҳамиятга эга. Гулсанам айтганларидек
зайтун ёғидан аёлларимиз тез- тез фойдаланиб туришлари зарур.
Юз терисини парваришлашда табиий ниқобларнинг ўрни жуда катта.
Косметик воситалардан кам фойдаланиш юзга эрта ажин тушиш, тиришиш ёки сўлғинликни
олдини олади. Бундай аёллар Асосан 30-40 ёшдан кейин пардозга эҳтиёж сезади. Гулсанам
Бодринг ва картошкали ниқоблардан фойдаланар экан. Бу жуда ҳам фойдали ва мен ҳам
бошқа аёлларга тавсия қилган бўлар эдим. Чунки бодринг кенгайган юз тешикларини
торайтириб, оқартиради. Қариган ва сўлиган терига фойда. Шунингдек бодринг сувини
лосён сифатида ишлатса бўлади.
Агар юз териси ёғли ва тешиклари кенг бўлса, бодринг аталасини
кўпиртирилган тухум оқи билан ёки бир-икки томчи лимон кислотаси билан аралаштиринг.
Тери қуруқ бўлса, бодрингга 2 ош қошиқ янги қаймоқ қўшинг.
Картошка ажинларни текислайди. Хом пайтида кўз остидаги шишларга
жуда фойдали. Янги картошка суви яллиғланишнинг олдини олади. Пишган картошкани
сут билан аралаштириб юзга суртамиз. 1чой қошиқ глитсерин қўшиш ҳам мумкин. Маскани
юзга илиқ ҳолда суртиб пергамент қоғози билан беркитамиз. 15-20 дақиқадан сўнг илиқ
сув билан чайиб ташлаймиз.
Соч инсон ҳусни, шу билан бирга инсон саломатлигининг асосий
белгиларидан бири. Шунинг учун сочга алоҳида аҳамият бериш ва уни парвариш қилиш
лозим. Сочнинг ўсиши киши ёшига ҳам боғлиқ бўлади. Сочга турли хил бўёқлар суриш
оқибатида соч нурсизланади, 30 ёшдан кейин оқаради, бунинг оқибатида тез тўкилади.
Буни олдини олиш учун соч учун мўлжалланган табиий ниқоблардан фойдаланган мақулроқ.
Таркибида тухум, қатиқ бўлган ниқоблар Гулсанам айтганидек сочни мустаҳкамлаб, тўкилишини
олдини олади. Шунингдек ўсма ўсимлиги ҳақида айтиб ўтган фикр ва тавсияларига қўшиламан.
Рухшона