У нас есть только
оригинальные песни

Er-xotin munosabatlari: muammo va echimlar

calendar 11.01.2017
2013

Муҳаббат турфа хил бўлади. Ва ундан хафсалангиз пир бўлмаслиги учун сизни жуфтингиз билан қандай туйғулар боғлаб турганини ва уларни қай тарзда мустаҳкамлашни билиш керак…

«Бир-биримизни сўзсиз ҳам тушунамиз»

Муҳаббат-дўстлик. Ўзаро тушуниш, бир тўхтамга кела олиш, қизиқишларнинг ўхшашлиги… Бахт учун яна нима керак, дерсиз? Ростдан ҳам бу энг мустаҳкам жуфтликка хос хусусиятлар. Аммо…

Хавфи. Бундай муносабатга кўпинча «йиғилиб-йиғилиб, охири портлаш» раҳна солиши мумкин. Дўстлик асосидаги муҳаббат кўпинча жуфтликлардан бири олдинги муҳаббат қиссасида муваффақиятсизликка учраганидан кейин юзага келади. Дўстим деб юрган инсонининг қўллаб-қувватлашидан сўнг (кўпинча бу ҳолат қизларда кузатилади) «бахтни узоқдан излашга ҳожат йўқ» деган қарорга келади. Бундай муносабатда жуфтликнинг бири севади, иккинчиси севмаса-да, севилади.

Нима қилиш керак? Туйғулар ўта алангаланмаса-да, унутманг, сокин сувда сузувчи муҳаббат қайиғи узоққа боради.

 «Ҳаммасини тўғри ҳисобладимми?..»

Муҳаббат-даромад. Кўпчиликка таниш ҳолат: ошиқ йигитнинг шахсий уйи, қимматбаҳо машинаси бўлса, бу унинг ёқимлилигини оширади. Эркаклар буни жуда яхши билишади ва «ҳисоб-китоб»га асосланган муносабатларни аксарият ҳолларда футболчиларнинг битта дарвозага гол уришига қиёслаш мумкин. Сиз сотувчи, шеригингиз эса ёшлигингиз ва гўзаллигингиз харидори.

Хавфи. Сизга бундай «шартнома» маъқул бўлса ҳам муаммолар туғилиши мумкин. Бундай ҳаёт баъзида олтин қафасга тушиб қолганлик ҳиссини бериши мумкин.

Нима қилиш керак? Танланг: муҳаббатми ёки бойлик? Танловда шуни ҳам инобатга олингки, молиявий аҳвол ҳамиша бир маромда кечмаслиги мумкин.

 «Негадир зерикаяпман…»

Муҳаббат-одат. Инсоннинг ўзига бўлган ишончи унга қатъийлик ва хавфсизлик ҳиссини беради. Жуфтини тушуниш, бир қарорга келишда жиддий қарама-қаршиликларнинг бўлмаслиги муносабатларни узоқ сақлаш имконини беради.

Хавфи. Бир хил ҳаёт тарзи ҳаммага ҳам ёқавермайди. Бу тарздаги муносабатдан жуфтлик зерикиб, бир-бирига қизиқиши сўниб бориши мумкин.

Нима қилиш керак? Ҳаёт тарзингизни ранг-баранглаштиринг! Имиджингизни ўзгартиринг, уйингизни ўзгача қилиб безатинг, янги машғулотлар топинг. Хуллас, севгилингизни ўзгаришлар билан ҳайратда қолдиринг!

 «Уни тушуниб бўлмайди»

Муҳаббат-азоб. Кун бўйи қўнғироқ қилишини кутиб ўтириш, ич-этни ейдиган рашк, дугоналарнинг раҳмдиллик қилиб берадиган маслаҳатлари — буларнинг барчаси ҳаётингизни узоқ давом этадиган сериалга айлантиради. Ва сиз кейинги «серия»ларда барча муаммоларингиз ҳал бўлишига умид қиласиз.

Хавфи. Кун ўтгани сари рашкингизга, муаммоларингизга муаммо қўшилаверади. Айниқса, оилада фарзанд дунёга келса, муносабатларнинг бундай кечиши кўнгилни хира, вазиятни баттар чигал қилади.

Ечим. Фарзандли бўлишни режалаштираяпсизми? Унда муомала услубингизни ўзгартиринг. Барча муаммоларни жуфтингиз билан ортиқча гап-сўзлар, жанжалларсиз ҳал қилишга урининг.

 «Бошқа ким ҳам қайғурарди?»

Муҳаббат-шафқат. «Ёмон бўлса ҳам бошимда эрим бор!» Бу гапни сиз ҳам эшитгандирсиз? Турмушга чиқмаган, ёлғиз дугоналарини кўрганда айтиладиган шу биргина гап ҳам муносабатларнинг қай тартибда эканини англатади. Бундай муҳаббатнинг иккита сабаби бор: ёлғизликдан қўрқиш ва аёлларга хос раҳмдиллик ҳисси.

Хавфи. Ажабланарлиси, бундай жуфтликдаги эркак анча қулай вазиятда бўлади. Чунки у нима бўлган тақдирда ҳам севгилиси ёнида бўлишига ишонади. Аёл эса эртами кечми, эри унинг ғамхўрлиги ва меҳрибонлигидан яна-да кўпроқ фойдалана бошлашидан жазавага тушади.

Ечим. Жуфтингизга меҳрибонликда давом этинг, лекин ўта талтайиб кетиб, ҳатто уйдаги эркак киши талаб этиладиган ишларни ҳам бажармай қўйишига йўл қўйманг. Бунинг учун «уй ишларини қилмайсиз», деб жанжал кўтариш шарт эмас. Эрингиз одатланган меҳрибонлигингиздан фойдалансангиз кифоя.

НИЛУФАР тайёрлади

Яндекс.Метрика