Олимлар бир неча миллиард йил аввал Ер билан тўқнашган улкан астероиднинг изларини топишга муваффақ бўлишди. Бу тўқнашув вайронкор зилзила ва цунамиларга сабаб бўлиши керак эди. Тадқиқот ҳақидаги мақола Precambrian Research'да нашр этилган.
Австралиянинг шимоли-ғарбий қисмида топилган митти шиша пуфакчалар астероиднинг қулашидан далолат беради. Олимларнинг фикрича, улар астероид қулаган пайтда бирор модданинг буғланиши натижасида ҳосил бўлган.
"Зарбнинг кучидан модда сайёра узра сочилиб кетган. Бундай кўринишдаги пуфаклар денгиз тубида топилиб, уларнинг ёши 3,46 миллиард йил қилиб белгиланди", - дея изоҳ беради Австралия миллий университети олими доктор Эндрю Гликсон.
Бу астероид қадимийлиги бўйича Ер билан тўқнашган иккинчи энг катта астероид экани тахмин қилинмоқда.
"У пайтда ҳосил бўлган ҳар қандай кратер вулқонлар фаоллиги ва литосфера плиталарининг ҳаракати сабаб яксон қилинган", - дейди олим.
Унинг эҳтимолига кўра, инсоният бундай тўқнашувларнинг кичик бир қисминигина билади.
Доктор Гликсоннинг сўзларига кўра, 2,5 миллиард ёшдан катта бўлган 17та астероиднинг қулаганига далиллар топилган.